
Туркия медиасида ва оммавий маданиятида, шунингдек, жамоат арбобларининг баёнотларида қизиқ бир парадоксни кузатишимиз мумкин.
Бир томондан, Туркия, шарқона мусулмон давлат бўлишига қарамай, унда демократик институтлар анча яхши ривожланган. Ҳатто Араб баҳори йилларида Мисрда ва яна бошқа баъзи давлатларда ҳокимиятга келган сиёсатчилар демократлашувнинг "туркча модели"ни маъқуллаб баёнотлар берган эди.
Бошқа томондан, оммавий дискурсда Ғарб демократиясига қарши кучли танқидий кайфият, норозилик бор. Сиёсий сериал ва фильмларининг аксариятида Ғарб давлатларининг кирдикорлари, аллақандай масонсифат гуруҳлар "фош" этилади.
Бу парадоксни Анқара университети профессори, Туркия Конституцион суди раҳбари Зуҳту Арслан мамлакатда либерализм бир пайтнинг ўзида ҳам устун, ҳам мухолиф позицияда экани билан тушунтиради.
Устунлигига сабаб шундаки, Туркия давлатчилиги, сиёсий институтлари, конституцияси либерал демократия асосига қурилган. Танзимот, Ёш турклар, Отатурк - буларнинг бари моҳиятан Европа либерал демократиясига интилган, улар туфайли Туркияда модернизация айни пайтда либераллашувга олиб келган.
Либерализм иқтисодий ҳаётда мустаҳкам ўрнашиб, маданий ва структур жиҳатдан жамият тўқимасига сингиб кетишга улгурмай туриб, модернизация тўхтаб қолган, анъаначилик, милитаризм, авторитаризмга интилиш яна кучая борган. Шу жиҳатдан либерал демократия институтларида яшашга ва тижорий фаолият юритишга ўрганиб қолган жамиятда айни пайтда Ғарбга шубҳа билан қарайдиган, унга ўз урф-одатларини қарши қўядиган гуруҳлар кўпайиб бормоқда.
Turkiya