• 48 ta ko'rildi

Табиий шифохона

iКўп болали она сифатида ёзаман: болалар 7-14 ёш оралиғида тез ўсади ва шунинг учунми, кўп овқатланишади.

Тўртта нон олиб келсангиз, икки соатга бормаслиги мумкин. Тезда еб бўлишади, барака топгурлар, кейин яна дўконга чиқиб келишингизга тўғри келади.

Айнан шу ёшда қизчаларнинг илигини тўқлаб олиш керак. Эртага улар бўлғувси оналардир, сиз тўлдирган иликларнинг ҳали кемигиям қолмайди, агар ҳар икки йилда битта фарзандни дунёга келтириб турса...

Шахсий кузатишларим: кўпинча ота-оналар болаларининг айнан шу илигини тўлдириш пайтида ўзи билан ўзи бўлиб қолади ва болалар очин-тўқин юриб кейин сизга муаммолар гулдастасини тортиқ этиши мумкин.

Шунақа бўлиб, ўзи билан ўзи катта бўлиб қолган қизчалар катта бўлиб, турмушга узатилгач, бошқоронғулик пайтини анча оғир ўтказишади. Туққунича беш-олти марта сақланишга ётганлар, бурнидан тортсанг йиқилгудек бўлиб қолганлар, сув ичса ҳам қайтариб чиқараётганлар, тонусдан қийналаётганларнинг аксарияти ана шундай ўсмирликда илиги тўлиб улгурмаган қизлардир.

Мен ўртаҳол оилада катта бўлганман. Аммо ота-онам амаллаб бўлса ҳам бизга шакар ўрнига табиий асал тута олган, ҳар куни гўшт емасак ҳам қўй ёғи уйимиздан узилмасди...

Яхши эслайман, акам билан иккимиз пўстдумба тозалардик. Менинг ишим бир тарафидан ушлаб туриш, акамнинг иши эса ҳудди уста сартарошлардек пўстдумбани силлиқ қилиб тозалаш эди...

Ҳамма овқатимизга пўстдумба солардик. Мен фақат ёғини ердим. Шанба кунлари онам оёғимизнинг ошиғи-ю, қўл ошиқларимизга, қуймучларимиз-у бел-вошларимизга қўй ёғи суртардилар

Кейин устидан тоза пахтали кийим кийиб ухлардик. Якшанба куни чўмилардик. 

Онамнинг қўй ёғи ҳақида доимий айтадиган гаплари шу эди: оғир замонларда одамлар совуқлиги ошиб кетмаслиги учун қўй ёғи топа олмаса, пода ҳайдаб ўтилган жойда қўйнинг туюқ изига тўлиб қолган ёмғир сувини "ба нияти шифо!" деб ичган экан.

Онам қўйнинг ҳамма нарсасини шифобаҳш деб тушунардилар. Уларнинг наздида қўй думба ёғидан кўра иммунитетни барқарор ушлаб турадиган нарса йўқ эди.

Эътибор қилдингизми, covid да ҳамма қайноқ сутга қуй ёғи солиб ичди. Албатта бу бежиз эмас.

Ҳозир ҳам туриб-туриб қўл ва оёқ ошиқларим оғриб қолади. Ўшанда ўзимга ўзим ёғ суртиб даволайман, узун бўз кесиб олганман, ўшани қўл ошиқларимга ўраб ухлайман. Эрталаб оғриқлар анча камайган бўлади.

Катта қизим қўй ёғи ея олмайди. Сабаби икки ёшлигида ошқозонини ювдирганмиз. Намоз ўқиётганимда орқамда ўралашиб юрганди, ўқиб бўлиб қарасам, гулга солинадиган ўғитни қаердандир топиб олиб ўйнабди. 

Ичдингми деб сўрасам, ҳа деди. Шу билан уни докторга олиб бордик ва ичини ювдик. Аслида ичмаган экан, аммо шундан кейин у қўй ёғига таъсирчан бўлиб қолди. Очиқчасига рад қилади, шунинг учун уни ортиқча мажбурламайман.

Айни 7-14 ёшда фарзандингизни ҳамма мевага тўйинтиришингиз керак. Кўпроқ нок есин. Нок 20 йилда мева қилади ва албатта бу бежиз эмас. 

Олмурутни қанақа шифобаҳшлигини биласиз ёки эшитгансиз. Атиргулнинг ёввойиси наъматак бўлганидек, нокнинг ёввойиси бу олмурут. Олмурутга бирор бир навни пайванд қилсангиз кейин нок пайдо бўлади.

Нок даволамайдиган касал йўқ, буйрак касалликлари деймизми, юрак-қон томир касалликлари...

Нок еган одамнинг бутун бошли канализациялар тизими бошқатдан формировка бўлади, ичи қотиб юрадиганларнинг бирдан ичи тозаланиб, юриб кетиши мумкин.

Нок ҳатто гармонларингизга ҳам таъсир ўтказа олади. Шунинг учун нок еган одамни кайфияти кўтарилади, кулади, суҳбати жанон одамга айланади. Ҳуллас гапирса гап кўп. 

У бўлиб бу бўлиб Худо берса, осонгина уч-тўртта болага ота-она бўлиб оласиз, аммо шу уч-тўртта болани соғлом улғайтириш, қаторга қўшиш, солиҳ инсон қилиб тарбиялаш ўзига яраша машаққат...

Шунинг учун айтишади: Ота-она бўлиш ва бу номга сазовор яшаш осон эмас...