• 66 ta ko'rildi

Халқаро алоқалар ҳақида.

Кўпинча одам ўз сиёсий қарашларидан келиб халқаро алоқаларда қайсидир томон билан яқин бўлиш хавфли эканлигини айтади. Ўзи маъқул кўрган томонни бўлса дўст деб билади ва у билан яқин алоқаларни қўллаб-қувватлайди. Дипломатияни ҳам ҳис-ҳаяжон устида кўришади.


Лекин, халқаро алоқаларда дўст ёки душман бўлмайди. Шунчаки манфаатлар ва уларнинг тўқнашуви бўлади. АҚШ элчиси бизга яхши бўлсин деб ҳеч қачон ҳаракат қилмайди. Унинг асосий вазифаси АҚШ манфаатларига хизмат қилишдир. Ва бу бутун дунёга тегишли. Италия элчиси ҳам шунақа, Япония элчиси ҳам шунақа. Сиз шунчаки уларга дўст бўлганингиз учун ҳеч қачон нимадир эвазига сизга яхшилик қилинмайди. Ҳар бир ҳаракат, қадам манфаат устида қурилади ва бу мамлакатлар ўртасидаги алоқаларда табиий жараён ҳисобланади. Алоқалар табиати шунақа. Алоқаларда яхши ёки ёмон мамлакат эмас, яқиндан алоқа қилинадиган ва отига алоқа қилинадиган мамлакатлар бўлади.


Фақатгина халқаро алоқаларда ҳам этика яъни мезон бор. Бир мамлакат халқаро алоқаларни ўзининг империалистик сиёсатини ёйиш учун восита деб кўрса, у мамлакат бошқалар учун хавфга айланади. Унақа мамлакатда иқтисодий манфаатдан сиёсий манфаат устун келади. Кичик мамлакатларга нисбатан ноаҳлоқий эксплуатация бошланади. Бутун дунё бунақа мамлакатлар билан эҳтиёт бўлиб алоқа қилади, имкони борича ўзини узоқ тутади.


Шу учун халқаро алоқаларда демократик режим амал қиладиган, ҳукумат парламент олдида жавобгар бўлган ривожланган мамлакатлар билан яқинроқ бўлган яхшироқ. Ҳар ҳолда уларда тийиб турувчи меҳанизм, тартибга солинган тизим бор. Амалдаги ҳукумат ўзидан кетиб қолса, умумий йўлдан чалғиса бир кун жавоб беришини билади. Бу мамлакатлар ташқи сиёсатда бош-бошдоқликка йўл қўйиш эҳтимоли пастроқ. Вакилларида бироз бўлсада қўрқув бор.


Бошқа томонда бир кишининг қовоғига қараб қолган «гопник»ча тизим бор. У учун газ ҳам, мигрант ҳам, бошқаси ҳам сиёсий воситадир, шунчаки иқтисодий алоқа эмас.


Бизда халқаро алоқаларда асосий мезон Ўзбекистон манфаати бўлиши керак. Шаҳматни нозик ўйнаб, лекин ҳар доим Ўзбекистон манфаатини олға суришимиз керак. Қанақадир «катта оға» ёки бирор зўравон мамлакат манфаати ўзимизникидан олдинга ўтиши керак эмас. Бизнинг стратегиямиз қанақа, келажакда қанақа Ўзбекистон қурмоқчимиз, йўлимиз қанақа, мана шуларни кўз олдимизга келтириб алоқаларни қилаверишимиз керак.