• 30 ta ko'rildi

ИИВ Бухорода ИИБ биносида фуқаро вафот этганини рад этди. Прокуратура ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди

Интернетда тарқалган хабарга кўра, иқтисодий можаро ортидан Бухоро шаҳар ИИБга чақирилган 37 яшар эркак кутилмаганда вафот этган. ИИВ матбуот хизмати раҳбари марҳум эпилепсиядан вафот этгани, ўлим рўй берган вақтда у кўчада бўлганини маълум қилди.




Марҳумнинг яқинларига кўра, у машина савдоси билан шуғулланган. Харидорлар билан ўртасида пул билан боғлиқ муаммо келиб чиққани боис 37 ёшли эркак ИИБ бўлимига чақирилган. Бу ҳақда блогер Олимжон Ҳайдаров Telegram-каналида маълум қилди.


29 ноябрь куни ИИБ ходимлари марҳумнинг укасига қўнғироқ қилиб, акасини олиб кетишини сўраган, у ИИБга келганида акасини тез ёрдам олиб кетганидан хабар топган, деб ёзади блогер.


Шифохонага боришганда эркак аллақачон вафот этгани, унинг танасида қийноқ ва жароҳат излари, хусусан, боши қаттиқ шикастлангани айтилмоқда.


Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов бу хабарга муносабат билдириб, бухоролик эркакнинг чиндан ҳам тергов учун ИИБ биносига қатнаб юргани, лекин ўлим рўй берган вақтда у кўчада бўлганини билдирди.


Расмийларга кўра, ҳодиса 28 ноябрь куни юз берган. ЖКнинг 169-моддаси (ўғрилик) 2-қисми “в, г” бандлари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича гувоҳ тариқасида жалб этилган фуқаро Қ.Ҳ. соат тахминан 15:00ларда Бухоро шаҳар 4-сон ИИБга жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш учун келган, лекин терговчи хизмат вазифаси билан бошқа жойда бўлгани сабабли ИИБ биносига кирмасдан, қайтиб кетган.


Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизматининг Kun.uz'га хабар беришича, марҳум эпилепсиядан вафот этган, уни такси ҳайдовчиси шифохонага олиб борган.


“Фуқаро Қ.Ҳ. 80 Z 015 ОА д/р “Матиз” такси автомашинасини тўхтатиб, уни Бухоро шаҳридаги “Файзиобод” жоме масжидига олиб боришини сўраган. Йўлда фуқаро Қ.Ҳ.нинг соғлиғи ёмонлашиб, оғзидан кўпик чиқиб, ҳушини йўқотган. Ҳайдовчи ҳушсиз йўловчини тезкорлик билан Бухоро шаҳар касалхонасига етказган.


Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан фуқаро Қ.Ҳ. шу куни соат тахминан 21:00ларда касалхонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган. “Тутқаноқ синдроми, ўпка ва мияга кислород ўткир етишмовчилиги” ташхиси қўйилган. Текширув жараёнида мурданинг баданида ҳеч қандай тан жароҳатлари аниқланмаган”, дейилади таҳририятга тақдим этилган расмий маълумотда.


Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов Бухорода фуқаронинг вафоти билан боғлиқ хабар Бош прокуратура томонидан ўрганилаётгани, унинг натижаси ҳақида батафсил маълумот берилишини маълум қилди.


Аввалроқ Қўқонда 15 яшар ўсмир ИИБ муассасасида вафот этган, бунинг ортидан Тошкентда ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилиб, бир кишилик «пикет» уюштирилганди.


2021 йилда ниқоби йўқлиги сабабли профилактика инспектори хонасига олиб келинган икки фуқаро кўп ўтмай вафот этган, вазирлик бу ҳолатда ички ишлар ходимларининг айби йўқлигини айтганди.


#ИИВ

#Бухоро вилояти

#ИИБ