• 63 ta ko'rildi

Болани моддий таъминлаб қўйиш оталик вазифаси эмас!

Оталар муҳим ишлар билан машғул. Шу даражадаки, фарзандлари билан бироз шуғулланишларидан ҳам муҳим. Оталар фарзандларининг моддий эҳтиёжларини қондириш билангина оталик вазифаларини бажардим деб ўйламасликлари, виждонларини бироз роҳатлатиш учун болаларини ҳафтада бир марта сайрга олиб чиқиш етарли, деб тушунмасликлари керак. Бу тарзда оталик қилаётганлар хафа бўлишмасин, оталик вазифаси булардан иборат эмас! Икки ҳафта фарзанди билан ниманингдир режасини тузган отага буни яна бир бор эслатмаса унутиб қўядиган ота қўрқиши, қаттиқ қўрқиши керак. Модомики, сизнинг вақтингиз ҳисобли, фарзандингиз учун вақтингиз бўлмаса, у ҳолда ўзингизнинг келажагингиз ҳақида ҳозирдан қайғуришингиз керак бўлади.


Энди сиз 15 кун ёки 1 ойда бир марта тўрттагина нон билан бир соатга кўргани келадиган фарзандингиз устидан шикоят қилишни умуман ҳаёлингизга келтирмаслигингиз керак. "Ўғлим, қизим, нега мен билан гаплашиб ўтиргани бемалол келмайсан, келасану кетасан" деган сўзларингизга жавобан "уйда ҳамма нарса етарли бўлса, мазза қилиб ўтирсангиз-чи, мени ишларим бошимдан ошиб ётибди," деган жавобларига тайёр туришингиз керак. Чунки сиз ҳақиқий оталик фарзандни моддий эҳтиёжларини қондириш деб ҳисобласангиз, кун келиб болаларингиз ҳам отамни моддий томондан таъминласам, фарзандлик вазифамни адо этган бўламан деб тушунади.


Хўш, сиз шунга тайёрмисиз?