• 27 ta ko'rildi

Бемор ўт пуфагида тош борлигини умр бўйи билмаслиги мумкин

Саволларга академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази жарроҳи, профессор Миршавкат Акбаров жавоб берди.


– Ўт пуфаги жигарга бириккан кичик қопча, — дейди мутахассис. — У ўзида сафро йиғиб, овқатланиш пайти бу суюқликни 12 бармоқли ичакка ҳайдаб беради. Сафро эса танамизга озиқ-овқат билан кирадиган ёғларни қайта ишлаш ва ичак микрофлорасини меъёрлаштиришга ёрдам берувчи мураккаб суюқликдир.


Агар у димланса ёки таркиби ўзгарса, ўт йўлларида турли нохушликлар юзага келиши ва тош пайдо бўлиши мумкин.


Бу касалликдан кўпроқ аёллар ва ортиқча вазнли инсонлар азоб чекади. Шунингдек, ўтириб ишлашга одатланган одамларда ҳам мазкур хасталик кўп кучрайди. Сабаби, улар танасида бундай носоғлом ҳаёт тарзи туфайли моддалар алмашинуви сусаяди.


Қолаверса, пала-партиш овқатланадиган, ёғли ва таркибида холестерин миқдори юқори бўлган егуликларни хуш кўрувчилар ҳам асосий хавф гуруҳига киради. Чунки уларда кўпинча овқат ҳазм қилиш жараёни бузилади.


Таркиби асосан холестерин, билирубин ва кальций тузларидан иборат тошлар ўт пуфагининг меъёрида ишлашига халақит беради. Бу эса танада сафро тўпланиб қолишига олиб келади.


Баъзида турли омиллар туфайли тошлар сафро йўлига туриб, суюқлик чиқишини буткул ёпиб қўяди. Натижада ўт ажралиши бузилади. Пуфак деворлари қалинлашиб, бемор кучли оғриқ ҳис қилади.

Вақтида даволанмаслик оқибатида айни ҳолат ўт пуфаги яллиғланишига олиб келади. Энг ёмони, бу жараён яқин-атрофдаги аъзолар — ошқозоности бези, ўн икки бармоқли ичак ва меъдага ҳам тарқалиши мумкин.


Бироқ тошлар сафро йўлида туриб қолмаган бўлса, одам у ҳақида умр бўйи билмаслиги мумкин. Статистик маълумотларга кўра, бундай беморларнинг 20 фоизи ўт қопида тош борлигини сезмайди. Бунинг сабаби у аксарият ҳолларда оғриқ бермайди.


Айрим беморлар эса “жигарим оғрияпти”, деган шикоят билан шифокорга мурожаат қилади. Яна бир ҳолат — баъзи инсонлар ўнг қовурға остини кўрсатиб, “шу жойим уюшгандек” ёки “совуқлик сезяпман” дейди. Замонавий ультратовуш текширувлари эса бундай ҳолларга аниқлик киритиб, тўғри ташхис қўйишга ёрдам беради.